Ёшлар- одам савдосига қарши  

795

Асримизнинг жиддий муаммосига айланган одам савдосига қарши кураш ҳар биримиздан жиддий масъулият талаб қилмоқда.Дунё бўйлаб кенг қамровли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилишига қарамай, ҳар йили миллионлаб инсонлар “замонавий қуллик“, яъни одам савдоси қурбонига айланмоқда. Ачинарли томони уларнинг асосий қисмини аёллар ва ёшлар ташкил этаётир.

Бугунги кунга келиб асримизнинг жиддий муаммосига айланган одам савдосига қарши кураш халқаро, минтақавий, кўп ва икки томонлама муносабатларни талаб этмоқда. Ҳозирга қадар жиноятчиликнинг ушбу турига қарши курашиш ва унинг олдини олиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бир қатор халқаро тавсиявий ва мажбурий характерга эга ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, улар доирасида ушбу хавфга қарши дунё миқёсида тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда.

«Одам савдосига ва учинчи шахслар томонидан танфурушликдан фойдаланишга қарши кураш тўғрисида»ги Конвенция (1949), «Қуллик ва қул савдосини, қулликка ўхшаш институтлар ва одатларни бекор қилиш тўғрисида»ги қўшимча Конвенция (1956), «Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш ҳақида»ги Конвенцияни тўлдирувчи «Одамлар, айниқса, аёллар ва болалар савдосини тўхтатиш, олдини олиш ва унинг учун жазо тўғрисида»ги баённома (2000) бу борада дастурий ҳужжат вазифасини ўтамоқда.

Ушбу жиноятнинг ривожланишига туртки бўлаётган асосий омиллардан бири одамларнинг чет элга бориш ва ишга жойлашиш ҳақида етарли маълумотга эга эмаслигидир. Ачинарлиси, ўзга давлат, бегона бир муҳитга тушиб қолганлар мўмай даромад илинжида оғир жисмоний меҳнатга ёлланмоқда, аёллар эса тубан ва фаҳш ишларга мажбур этилмоқда.

Одам савдоси – куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд бошқа мажбурлаш шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун уни тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш орқали одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш. Одамлардан фойдаланиш бошқа шахсларнинг фоҳишалигидан фойдаланишни ёки улардан шаҳвоний фойдаланишнинг бошқа шаклларини, мажбурий меҳнат ёки хизматларни, қуллик ёки қулликка ўхшаш одатларни, эрксиз ҳолат ёхуд инсон аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олишни англатади.

Яна бир энг ташвишли ҳолатларданг бири, чет элга ноқонуний тарзда ишга чиқаётган шахсларнинг кўпчилиги халқаро терроризм ва дин ниқоби остидаги зўравонлик руҳи, куч ишлатиш, яъни экстремистик, фундаменталистик, сепаратистик хуружлар вакилларининг тузоғига тушиб қолмоқда.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишлар натижасида фуқароларимизнинг турмуш шароити узлуксиз юксалиб бормоқда, ҳуқуқ ҳамда эркинликлари тўла рўёбга чиқарилиши учун қулай ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий шарт-шароитлар юзага келмоқда.

Буларнинг барчаси шахс эрки, унинг ҳаёти, саломатлиги ва шахсий ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш, фуқаролар ҳуқуқий муҳофазаси самарадорлигини ошириш, шахс-давлат муносабатларида шахс манфаатлари устуворлиги тамойилига оғишмасдан амал қилиш эҳтиёжини янада кучайтирмоқда.

Шахс эрки ва қонуний манфаатларини таъминлаш ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳаларида олиб борилаётган тадбирлар орқали амалга ошириб келинмоқда.

Бугунги кунда аҳоли миграцияси, шу жумладан, мамлакат ташқарисида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш мақсадидаги миграция жаҳон кўламидаги воқелик бўлиб, ўзининг кўпгина ижобий жиҳатлари билан бир қаторда салбий оқибатларни ҳам келтириб чиқармоқда.

Бу салбий ҳодиса глобал жараён сифатида бизнинг мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмаяпти. Афсуски, фуқароларимиз ҳам одам савдоси қурбонларига айланмоқда. Буларнинг барчаси давлатимиз ва жамиятимиз томонидан ушбу иллатга қарши қатъий чоралар кўришни, одам савдосига жалб этилган ва ундан жабр кўрган ҳамюртларимизни муҳофаза этишни долзарб вазифа қилиб қўймоқда.

Ўзбекистон Президентининг 2008 йил 8 июлдаги «Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича чоралар тўғрисида»ги қарори билан одам савдосига оид ноқонуний ҳаракатларга қарши тадбирлар, давлат ва жамоа органлари томонидан бажариладиган энг муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори фуқароларимиз ҳаёти ва саломатлиги, шаъни, қадр-қимматини жиноятчиларнинг тажовузларидан ҳимоялаб, инсон ва унинг ҳуқуқлари, манфаатлари энг олий қадрият, деган улуғ ғояни рўёбга чиқаришга қаратилгани билан диққатга сазовордир. Одам савдоси қурбонларига айланган шахсларни ҳуқуқий ҳимоялаш, уларни ижтимоий, иқтисодий ва тиббий-руҳий жиҳатдан реабилитация қилиш давлатимиз ва жамиятимиз олдида турган долзарб вазифалардан ҳисобланади.

Мутахассисларнинг фикрича, одам савдоси жиноятининг ривожланишига туртки бўлаётган асосий омиллардан бири ҳам кишиларнинг чет элга бориш ва ишга жойлашиш ҳақида етарли маълумотга эга эмаслиги. Келажаги ҳақида қайғурмасдан, кўр-кўрона ўзга давлатда, бегона бир муҳитга тушиб қолиб, мўмай даромад илинжида оғир жисмоний меҳнатга ёлланиши ва ҳатто аёлларнинг тубан ва фаҳш ишлар қилишга мажбур бўлиши ҳолатларини келтириб чиқаради. Бу каби тадбирларнинг кенг кўчаларда, одамлар гавжум бўлган сайилгоҳ ва истироҳат боғларида ўтказилишидан ҳам мақсад шу – одам савдосидек қабиҳ иллат билан курашиш, унинг мазмун-моҳиятини кўпроқ инсонларга етказиш.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томлнидан 2019 йил
27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ўтказилган ёшлар билан учрашувда барча даражадаги раҳбарлар олдига ёшлар билан ишлашда янгича ёндашиш талаби қўйилди. Хусусан, раҳбарлар ёшлар билан ўтказиладиган учрашувларда ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, уларга тўғри йўлни кўрсатишлари лозимлиги таъкидланди.

Белгиланган вазифалар ижроси юзасидан Касби тумани 2-сектор раҳбари О.Э.Усанов томонидан 2020 йилнинг январь-февраль ойларида жами
8 маротаба ёшлар билан учрашувлар ўтказилиб, иштирокчи ёшлар ҳаётидаги муаммолар, долзарб вазифалар муҳокама қилинмоқда ҳамда уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш чоралари кўрилмоқда. Айниқса уларнинг одам савдоси қурбонига айланиб қолмасликлари учун барча зарур чоралар кўриб борилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, одам савдосининг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш халқаро ва минтақавий даражада жиддий ёндашув ва ўзаро ҳамкорликка асослансагина яхши самара бериши мумкин. Бунда ўсиб келаётган ҳуқуқий саводхон ёш авлоднинг ўрни бениҳоя катта бўлади.

Зеро, одам савдоси, унинг инсоний ҳуқуқ ва эркинликларини ғайриқонуний ва ғайри ахлоқий равишда айнан инсон томонидан камситилиши, йўққа чиқарилиши – кечириб бўлмас жиноят, оғир гуноҳдир.

 

Аслиддин Пўлатов,

 Касби туман прокурори ёрдамчиси

 

Leave A Reply

Your email address will not be published.