ЎЗБЕКИСТОН ҚАҲРАМОНИГА ҲАВАС ҚИЛГАН КАСБИЛИК ДЕҲҚОН

332

Касби туман ҳокими ғалла мавсуми бошидан буён туман деҳқон ва фермерларига пахта ҳосилини парваришлашда агротехник тадбирларни ўз вақтида тезкор ва сифатли олиб бориш учун маслаҳатлар бериб келмоқда. Шунингдек, ҳокимнинг кунлик иш режасида ҳар бир деҳқон даласида бўлиб кунлик ғалла ҳосили йиғими бориши билан шахсан танишиб чиқиш ҳам киритилган. Ҳудудларда ташкил қилинаётган қисқа семинарлар эса бунинг яққол исботи.

Шу кунларда юртимиз бўйлаб ризқ-рўзимиз бўлмиш ғалла йиғим-терими авжида. Бободеҳқон бир неча йил кутган серунум ва баракали ҳосилини хурсандчилик билан йиғиб олиш билан банд. Айниқса, бу йил об-ҳавонинг ўнг келгани ҳосилнинг янада мўл бўлишига туртки бўлди. Бундан унумли фойдаланган тадбиркору-деҳқонлар ғалладан сўнг пахта ҳосилини ҳам шундай кам-кўстсиз йиғиб олишдан умидвор.

Касби тумани “Мустафақулбой” фермер хўжалиги раиси Бобомурод Аллақулов мустақил равишда фермер хўжалигини бошқариб келаётганига бор-йўғи икки йил тўлди. Шундай бўлишига қарамай, ёш фермер давлатга ғалла топшириш режасини ортиғи билан бажарди.

-Давлатга ғалла топшириш режаси 195 тонна қилиб белгиланганди, биз 224 тонна қилиб топширдик,-дейди фермер хўжалиги раиси Бобомурод Аллақулов. Бунга бир тану-бир жон бўлиб меҳнат қилган хўжалик ишчиларининг ҳам ҳиссаси бор. 117 гектар ер майдонимиз бор. Шундан 65 гектари ғалла, 52 гектари пахта учун мўлжалланган. 10 нафар доимий ишчи-хизматчилар иш билан таъминланган. Мавсумий ишчиларимиз сони эса 80 нафарга етиб қолади.

Юрагимда бир орзу бор

Табиатан камгап инсонман. Аммо, кези келганда юрагимдаги бир орзуим билан бўлишмоқчиман. Деҳқончилик аслида менга ота касб. Отам ҳам бизни бир умр далада кетмон чопиб, ҳалол меҳнат ортидан улғайтирган. Бугунги кичик марраларим замирида бир орзу бор эди.

Айни ўсмирлик чоғимда қишлоғимизда Ўзбекистон Қаҳрамони унвонини олган Ғайбулло Раҳмоновга ҳавас қилганман. Тракторда ўтириб узоқдан у кишини кўриб, қачондир мен ҳам шу инсонга ўхшаган эл сўйган, кайвони, билаклари меҳнатда қотган забардаст деҳқон бўламан. Далада юрсам ҳам бошимда дўппи, юзларим офтобда қорайиб меҳнатдан завқланаман деб орзу қилганман. Бугун бу орзуимга бир қадам қўйдим. Ҳали ҳаёт олдинда, кўнглимга тўккан бу орзуимга албатта етаман.

Меҳнат қилган одам – элда хор бўлмайди, дейди доно халқимиз. Ростдан меҳнат инсонни улуғлаш билан бирга яшартиради, куч-қувват бағишлайди ва ҳурмат олиб келади. Ёш тадбиркор ва фермер Бобомурод Аллақуловнинг режалари бисёр. Улар билан ўртоқлашар экан, шундай дейди: Фермер хўжалигимиз деҳқончилик билан бирга чорвачиликка ҳам ихтисослашган. Ҳозирда 30 бош чорва молларимиз бор. Насиб этса, келгуси йилдан бу тармоқни ҳам кенгайтириш режамизда бор,-дейди Бобомурод Аллақулов.

Муқаддас ИСМОИЛОВА

Телеграм каналимизга уланишни утнутманг!! https://t.me/uztimeofficial

https://t.me/uzvaqt

Leave A Reply

Your email address will not be published.